ҚАЛАМПИР СОТИШНИ ЭПЛАШ ВА БУҒДОЙДАН 100 ЦЕНТНЕР ҲОСИЛ ОЛИШНИНГ СИРИ
ҚАЛАМПИР СОТИШНИ ЭПЛАШ ВА БУҒДОЙДАН 100 ЦЕНТНЕР ҲОСИЛ ОЛИШНИНГ СИРИ
У фермер хўжалиги ташкил этганига унчалик кўп бўлмаган бўлса-да, бир қатор янгиликларга “қўл урди”. Шоли орасида балиқ етиштириш дейсизми, қалампирдан мўл ҳосил олиш, ҳатто уни юқори нархда сотишни ҳам эплади.

Шу кунларда бу омилкор инсонни “ютуқлари сири” билан кўплаб мулкдорлар қизиқмоқда. Балки, бундай тажриба алмашиш фермер ва деҳқонларни ердан янада унумли ва самарали фойдаланиш имкониятини оширар, яна ким билади дейсиз.

Отабек Қурбонов ўзи эришаётган ютуқларга дунё тажрибасини кузатиб боришини, янгиликларни фаолиятида синаб кўришдан қўрқмаслигини сабаб қилиб кўрсатмоқда.

– Доим интернет орқали дунёда рўй бераётган қишлоқ хўжалиги янгиликлари ва ютуқларни кузатиб бораман, – дейди Хоразм вилоятининг Янгибозор туманидаги “Хоразм фахри” фермер хўжалиги раҳбари Отабек Қурбонов. –Ўтган йили ғалла етиштириш бўйича дунё рекорди Англияда ўрнатилган. Бир гектарга 80 килограмм уруғ экиб, ҳар гектардан 168 центнер ҳосил йиғиб олинган. Бундай мўл ҳосил бу давлатларда ҳар йили етиштирилади. Уларга ҳавас қилиб, ўтган йили 20 гектардан кўпроқ майдонда 125 килограмм уруғ қадаб, 100 центнердан ошириб ҳосил олдик.

Баъзи маълумотларга кўра, юртимиз мулкдорлари ҳар гектар учун 300 килограмм уруғ сарфлашар экан. Буни сабабини фермердан сўраганимизда у “бизни фермерларимиз бой-да” деди кулиб, сўнгра тушунтирди “экин экиладиган ерларимиз нотекис, ундан кейин экиш жараёнида аниқлик бўлмагани боис уруғлик йўқотилади. Баъзида уруғнинг сифати ҳаминқадар бўлади, агротехникани бажаришда ҳам ҳосилни бой берамиз. Шу тариқа кўп уруғ сарфлаб, кам ҳосил оламиз” деди куюниб.

Ана шундай камчиликларни бартараф этиш учун мулкдор 70 гектардан ортиқроқ майдонда лазерли текислаш юмушини бажарди. Бунда ер юзаси бир текис бўлиб, суғориш ҳам анча осонлашди. Сув сарфи ҳам камайди. Хўжалик уруғчиликка ихтисослашгани учун уруғлик ҳам шу ерни ўзида тайёрланди. Германиядан олиб келинган экиш сеялкаси эса уруғни бир хил текисликда ва аниқлик билан экилишини таъминлади. Маҳаллий ўғитдан ҳам кенг ва самарали фойдаланилди.

– Бу йилги ҳосил учун кузда 140 килограмм уруғ қададик, – дейди фермер. – Режамиз гектарига 110 центнердан ошириш. Соҳа олимлари билан гаплашсам, улар гектаридан 200 центергача ҳосил олиш мумкинлигини айтмоқда. Балки, келгусида Англиядаги фермерлар ўрнатган рекордни янгилармиз.
Отасини фермер хўжалигида бир неча йил меҳнат қилиб, ўзи мустақил бўлганига эндигина уч йил бўлган О.Қурбонов ўтган йили тўрт гектарда аччиқ қалампир етиштирди.

– Биринчи йил бўлгани учун, бир оз қийин бўлди, кўплаб фермерларимизнинг қалампир етиштиришдан кўнгли совуди, – дейди фермер. – Лекин, экинни фойда зарарини бир йилда билиб бўлмайди. Билганим эса сотиш қийинроқ бўлган бўлса-да, аччиқ қалампир етиштириш пахта етиштиришдан кўра анча фойдали экан. Фақат уни териб олишда бир оз қийналдик. Чунки, қалампир пишган вақт пахта теримига тўғри келди. Ҳар кило терилган қалампир учун бир ярим минг сўмдан тўладик. Йиғилган ҳосилни эса ҳўллигида 3,5 минг сўмдан сотдик. Ҳозирда озроқ қуритилган қалампиримиз ҳам бор, уни ҳар килосини экспорт қилиш учун икки доллардан тўлайдиган харидоримиз тайёр. Келгуси йили қалампир эксак, жуда яхши фойда қилишимни яхши биламан.

Ҳа, халқимиз орасида бежизга “Қаловини топса, қор ҳам ёнади”, деган ибора ишлатилмайди. Мулкдор ўз тажрибасини қишлоқ хўжалигининг ҳар бир йўналишида синаб кўрмоқда. Хусусан, шоли-балиқ технологияси ҳам шу хўжаликда тажриба қилиб кўрилган эди.

Бу қандай тажриба экан, деб қизиқаётгандирсиз? Шоли майдонларида балиқ парваришлаш усули жанубий-шарқий Осиёда кенг оммалашган. Бунинг шолига ҳам балиққа ҳам фойдали жиҳатлари кўп. Мисол учун балиқлар ёрдамида шоли ҳосили сезиларли ошса, улар тупроқ унумдорлигини ошириб зараркунандаларни йўқ қилади. Чиқиндиси эса шоли учун жуда яхши ўғит вазифасини ўтайди. Улар турли зараркунанда ўтлар илдизини, ҳашаротларни уларни уруғларини ейди ва бунда шоли ҳосил дорлиги ошади. Мутахассислар фикрига қараганда, бу усул сердаромад ва қулайдир.

– Шоли 7-10 сантиметр бўй чўзгач, шолизорга балиқларнинг “Дўнгпешона”, “Оқ амур”, “Сазан” турига мансуб чавоқларни ташладик, – дейди Отабек Қурбонов. – 200 грамм балиқ чавоғи 75 кунда 1,5 килограмм тош босди. Бунинг яна бир афзаллиги балиқлар шолидаги ҳашаротлар ҳамда ёввойи ўсимликларни истеъмол қилади. Натижада кимёвий препаратларга сарфланадиган маблағни ҳам тежаб қолдик.

Ҳисоб-китобларга кўра, бир гектар майдонда шоли ва балиқ етиштириш учун ерни текислаш, уруғлик ҳамда чавоқ сотиб олиш, минерал ўғитлар ва омихта емга тахминан 12 миллион сўм атрофида маблағ сарфланаркан. Парвариш ҳамда озиқлантириш шартларига риоя этилса, 7-8 тонна шоли, 1,5-2 тонна балиқ етиштириш мумкин. Саккиз тонна шолидан 4 тонна гуруч олиб, унинг ҳар килограммини ўртача 6000 сўмдан ҳисобласак, 24 миллион сўм бўлади. 1,5 тонна балиқ эса ўртача 15-20 минг бўлса бир гектар ердан кўриладиган соф фойдани ҳисоблаб, олиш қийин бўлмаса керак. Агарда биринчи экин сифатида лазер экилса, унинг нархи ҳозирда бозорларимизда 10 мингдан кам эмаслигини ҳамма билади. Ана, сизга ҳақиқий тадбиркорнинг иш тутуми!

Изланишдан толмайдиган фермер жорий йилда яна бир янгиликни синаб кўрмоқчи. Шоли-балиқ майдонларини 10 гектарга етказиш баробарида такрорий экин сифатида ғалла-шоли кўчати-балиқ етиштирмоқчи.скачать dle 10.5фильмы бесплатно
Sana: 28-03-2019, 09:36