БУ ЙИЛ УЧ МАРТА ҲОСИЛ ОЛАМИЗ, ДЕЙИШМОҚДА ЕР ЭГАЛАРИ

БУ ЙИЛ УЧ МАРТА ҲОСИЛ ОЛАМИЗ, ДЕЙИШМОҚДА ЕР ЭГАЛАРИ


БУ ЙИЛ УЧ МАРТА ҲОСИЛ ОЛАМИЗ, ДЕЙИШМОҚДА ЕР ЭГАЛАРИ
Халқимиз йилдан-йилга деҳқончиликка илмий асосда ёндашиб, бозор талаблари ҳамда эҳтиёжларидан келиб чиқиб маҳсулот етиштиришнинг инновацион усулларини жорий этмоқда. Натижада томорқадан унумли фойдаланиб, оиласи фаровонлигини таъминлаш билан бирга, эл дастурхони тўкинлигига муносиб ҳисса қўшаётган юртдошларимиз сони ортмоқда.

Ўзбекистон фермер деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ходимлари ҳам жойларда бўлиб, бу борада аҳолига амалий ёрдам кўрсатмоқда. Хусусан Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ тумани, иккинчи сектор ҳудудида жойлашган “Чегара” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги томорқа ер эгаларининг экин майдонлари кўздан кечирилди.

Қайд этиш жоизки, Алишер Навоий ва Мутал ота кўчаларида жойлашган маҳалла ҳудудидан Қорасув канали оқиб ўтади. Қарийб бир ярим минг нафар фуқаро истиқомат қиладиган маҳаллада сув муаммоси йўқ. 250 хонадон томорқа билан шуғулланади.

Ишчи гуруҳ ва бириктирилган масъуллар маҳалла фаоллари билан биргаликда, ҳар бир хонадонни ўрганиб, бажарилиши керак бўлган ишларга аниқлик киритди. Қолаверса ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдамчи фермер хўжаликлар ва ишчи гуруҳдан масъуллар бириктирилган.

– Маҳалламиздаги 90-95 фоиз томорқа ер эгалари эрта баҳорги картошка экишади, – дейди маҳалла оқсоқоли Султон Алимов.– Эрта баҳорда экилган картошкаларга зараркунанда ва касалликлар ёзда экилганларга нисбатан кам тушади. Аслида ҳам кўпчилик картошка экишининг сабаби бор. Биринчидан тупроғимиз мос, шунингдек, агротехника, зараркунандаларга қарши курашиш, парваришлаш, ҳосилни йиғиш ва сотиш ишлари маҳалла иштирокида осон амалга оширилади. Шунингдек, сабзавот экинларини барча турларини экиш билан биргаликда, иссиқхоналардан ҳам кенг фойдаланилмоқда. Қайси ҳовлига кирсангиз, мевали дарахтларни ҳосилга кириб турганига гувоҳ бўласиз.

– Албатта, маҳалла аҳли ердан унумли фойдаланишга ҳаракат қилмоқда, –дейди Ўзбекистон фермер деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Вафо Латипов.–Лекин, муаммоли хонадонлар ҳам учрамоқда. Томорқалар катта, лекин экин майдонларига ишлов берилмаган, ҳеч нарса экилмаган. Суриштирсак, ҳовли сотиб олинган, лекин уй эгаси Тошкентда, Қозоғистонда ёки Россияда. Тўғри, баъзи томорқалар қўни-қўшнилар кучи билан тартибга туширилди. Бу ҳам маҳалладаги аҳиллик белгиси. Маҳалла катта кучлигини яна бир исботи.

Дарҳақиқат, маҳалла фуқаролари “Томорқа-даромад манбаи” эканини ўз тажрибаларида синаб кўришмоқда. Ахир, томорқа эгаси бир сотихдан ўртача 200 килограмм картошка олса, кейин помидор ва бошқа экинлар экиб, яна ҳосил олишини билади. Мисол учун, Алишер Навоий кўчасида истиқомат этувчи Рисбек Бобожонов 12 сотих томорқада картошка, сабзи-пиёз, қизил лавлаги, помидор, бодринг кабилар етиштириши ва мевали дарахтлари ортидан йилига 50-60 миллион даромад олаётган экан. Бир йилда уч марта ҳосил олишни ҳадисини олган Р.Бобожонов чорвачиликни ҳам йўлга қўйган. Шу ҳудудда яшовчи Абдулатиф Исоқовнинг ҳам томорқасида бир қарич бўш ер йўқ.

– Янги сабзини бозорга олиб чиққанимизга ҳам бир ойча бўлиб қолди, –дейди А.Исоқов.– Кўпгина қўшниларимизга ҳам деҳқончилик сирларини ўргатиб, бирга маҳсулот етиштирмоқдамиз. Бу йил одамларимизни ерга муносабати бошқача. Кўпчилик қишдаёқ ерларни тайёрлаб, уруғ қадашди. Бу йил уч марта ҳосил етиштиришга аҳд қилганлар сони кўпайиб бормоқда.

Ишчи гуруҳи маҳалла ҳудудини айланиб, ердан унумли фойдаланиб, мўл ҳосил етиштираётган кўплаб хонадонларда бўлишди. Бир тарафда картошкалар қазилаётган бўлса, бошқа тарафдаги иссиқхоналарда етиштирилаётган сабзавот, қизил лавлаги, кўкатларни кўриб, кўзингиз қувонади. Оилаларнинг ободлиги, оила аъзоларни меҳнат билан бандлиги, тўкин-сочинлик, фаровон турмуш ҳаммаси шу томорқалардан самарали фойдаланиш ортидан эканлиги ўз-ўзидан кўриниб турибди
скачать dle 10.5фильмы бесплатно
Sana: 3-05-2019, 12:09