ТАКРОРИЙ ЭКИН ЭКИШДАГИ КАМЧИЛИКЛАР БАРТАРАФ ЭТИЛМОҚДА
ТАКРОРИЙ ЭКИН ЭКИШДАГИ КАМЧИЛИКЛАР БАРТАРАФ ЭТИЛМОҚДА

ТАКРОРИЙ ЭКИН ЭКИШДАГИ КАМЧИЛИКЛАР БАРТАРАФ ЭТИЛМОҚДА
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, бир қатор вазирликлар, ҳокимликлар вакилларидан таркиб топган Республика ишчи гуруҳи Жиззах вилоятида бўлди. Гуруҳ жорий йил ғалладан бўшаган майдонларга иккинчи экин экилишини ўрганди.

Вилоятда ғалладан бўшайдиган 73 минг 463 гектар ер майдонларига такрорий экин экилмоқда. Барча туманларда фермер хўжаликлари бўйича такрорий экинлар экишнинг моддий-техника ресурслари ҳисобга олиниб, тақсимот жадваллари ишлаб чиқилган. Ишчи штаблари ва отрядлар фаолияти ташкил этилган.

Ҳокимликлар ишчи штабларининг маълумотларига кўра, ғалладан бўшаган 47,1 минг гектар майдонда такрорий экин экилган. Бу майдоннинг 24 минг 320 гектарини дуккакли, 383 гектарини сабзавот, 4 минг 214 гектарини полиз, 815 гектарини картошка, 16 минг 911 гектарини озуқа ва бошқа экинлар ташкил қилади.

ТАКРОРИЙ ЭКИН ЭКИШДАГИ КАМЧИЛИКЛАР БАРТАРАФ ЭТИЛМОҚДА
Жумладан, ишчи гурух томонидан вилоятнинг Пахтакор туманида такрорий экинларни экиш учун ер тайёрлаш, моддий-техника ресурсларини етказиб бериш, агротехник тадбирларни ўтказиш ишлари ўрганилиб, бу ишлар бирмунча яхши ташкил этилгани қайд этилди.

Масалан, давлатга 2 минг 848 тонна ғалла сотиб, шартнома режасини вилоятда биринчилардан бўлиб бажарган “Бўстон” фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмасида бу иш намунали олиб борилаётир. Уюшма таркибидаги 13 та фермер хўжалигида 749 гектар ғалладан бўшаган майдоннинг 80 фоизига дуккакли, 20 фоизига полиз экинлари экилиши режалаштирилган.

Ҳудуддаги “Давонсой” фермер хўжалигида 54 гектар ғалладан бўшаган майдоннинг 8 гектарга тарвуз, 46 гектарга мош экилган. Хўжалик мошнинг ҳар бир гектаридан ўртача 15 тоннадан ҳосил олишни мақсад қилаётир. Бундан ташқари, хўжаликдаги 10 нафар ишчининг ҳар бирига 1 гектардан ер ажратиб, шудгорлаб берилди. Ернинг умри ҳам, деҳқоннинг вақти ҳам беҳуда ўтмаяпти.

Ишчи гуруҳ фермерлар фаолияти билан танишиш баробарида аҳолининг шахсий томорқа хўжаликларида такрорий эканлар экишни йўлга қўйишда яратилган шароитларни ҳам атрофлича ўрганди. Бу ишда ҳудудда ташкил этилган “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамиятлари фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, “Оқбулоқ” фермер хўжаликлари уюшмаси ҳудудида фаолият олиб бораётган “Томорқа хизмати” МЧЖ томонидан шахсий томорқа эгалари буюртмаси асосида уруғлик материаллар, ўғитлар, қишлоқ хўжалиги асбоблари етказиб берилмоқда. Жорий йилда 2 минг 500 туп мевали дарахт кўчати, 30 минг дона 20 турдаги сабзавот кўчати аҳолига бепул тарқатилган.

Туманнинг барча ҳудудида такрорий экинлар экиш талаб даражасида амалга оширилаётир, деб бўлмайди. Ишчи гуруҳ томонидан бу борадаги бир қатор камчиликлар ҳам аниқланди. Туманда ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинлар экмаган анчагина майдон мавжуд. Ҳалигача шудгорланмаган ерлар бор.

Масалан, тумандаги “Замин чўққиси” фермер хўжалигининг 15 гектари, “Я.З Бекзод” фермер хўжалигига қарашли 40 гектар ер майдони, “Оқпахта бойлиги” фермер хўжалигининг 20 гектар ер майдонида такрорий экин экиш кечиктирилмоқда.

Бундай камчиликлар фақат шу туманда эмас, вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам учрайди. Айрим хўжаликларда ғалладан бўшаган майдонларни сомондан тозалаш, экишга тайёрлаш ишлари ҳали охирига етказилмаган.

Сомонни вақтида йиғиштириб олмаслик, ташкилий тайёргарлик ишларининг сустлиги такрорий экин экишнинг кечикишига сабаб бўлмоқда. Жумладан, такрорий экин экиш Арнасой туманида 66 фоизга, Дўстлик туманида 72 фоизга, Зафаробод туманида 73 фоизга, Шароф Рашидов туманида 65 фоизга бажарилишини қониқарли деб бўлмайди.

Шунингдек, 2,6 минг гектар картошка экиш режаси бажарилган эмас. Жорий йилнинг 6 июль ҳолатига 0,8 минг гектар шоли экилгани ҳам мутлақо қониқарсиз. Сабзавот экинлари белгиланган 672 гектар майдоннинг бор-йўғи 383 гектарига экилган, холос.

Барча туманлардаги фермер хўжаликлари томонидан картошка уруғи олиш бўйича таъминотчи ташкилотлар билан шартномалар тўлиқ тузилмаганлиги сабабли бу ишга тўсиқ бўлмоқда.

Ҳудудларда экспортёр ва таъминотчи корхоналар томонидан фермер хўжаликлари билан фьючерс шартномалар тузиш, аванс (бўнак) маблағлари бериш ишлари талаб даражасида ташкил этилмаганлиги бўйича аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан барча туман ҳокимликларига тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.

Ўрганиш якунлари бўйича аниқланган камчиликлар ва уларни бартараф этиш юзасидан ахборот-кўрсатма хатлар юборилди. Ишчи гуруҳ ўрганиши якунлари бўйича вилоят, туман ҳокимликлари, сектор раҳбарлари ва масъуллар иштирокида танқидий муҳокама қилинди ва тегишли чоралар белгиланди.




Тошқул БЕКНАЗАРОВ, ЎзА
скачать dle 10.5фильмы бесплатно
Sana: 18-07-2019, 09:33