АТИГИ 7 ФОИЗ ЭКИН МАЙДОНИДА ТЕЖАМКОР СУҒОРИШ ТЕХНОЛОГИЯСИ ЖОРИЙ ҚИЛИНГАН
АТИГИ 7 ФОИЗ ЭКИН МАЙДОНИДА ТЕЖАМКОР СУҒОРИШ ТЕХНОЛОГИЯСИ ЖОРИЙ ҚИЛИНГАН

АТИГИ 7 ФОИЗ ЭКИН МАЙДОНИДА ТЕЖАМКОР СУҒОРИШ ТЕХНОЛОГИЯСИ ЖОРИЙ ҚИЛИНГАН
Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг жорий йилнинг биринчи ярмидаги фаолияти ва истиқболдаги режаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Қўмита аъзолари, Қишлоқ хўжалиги, Сув хўжалиги вазирликлари, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда жорий йилнинг биринчи ярми қўмита учун ўз вазифаларини амалга оширишга нисбатан янги ёндашувлардан фойдаланиш, аграр тармоқ ва экология соҳасида мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларнинг сабабларини ўрганиш, камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш борасида қизғин давр бўлгани таъкидланди.

Ҳисобот даврида қўмита томонидан ўтказилган мажлисларда 16 та масала, 4 та қонун кўриб чиқилди. Хусусан, “Яйловлар тўғрисида”ги, “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва бошқа ҳужжатлар бўйича қўмита хулосалари берилди.

Ўтган даврда қўмита қишлоқ хўжалигида ресурслардан оқилона фойдаланиш, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, фермер хўжаликлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ долзарб масалаларни ҳал этишда ўзининг назорат-таҳлил ваколатларидан самарали фойдаланиб, бир қатор чора-тадбирларни амалга оширди. Хусусан, мурожаат қилган жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатлари билан боғлиқ масалалар юзасидан 19 та парламент ва сенатор сўрови юборилган.

Қўмита фаолиятида қишлоқ хўжалиги тараққиётига оид барча йўналишларни такомиллаштириш бўйича қабул қилинган дастур ва ҳужжатлар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, фермер хўжаликларини босқичма-босқич кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантириш бўйича давлат ва ҳудудий дастурларнинг жойларда ижро этилиши ўрганилди. Бу борада амалга оширилган ишлар танқидий кўриб чиқилди ва йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

– Қўмитамиз мамлакатимизда атроф-муҳит мусаффолигига зарар етказаётган омилларни аниқлаш, бу соҳадаги муаммоларнинг туб сабабларини ўрганиш ва ечимини топишга алоҳида аҳамият бермоқда, – дейди Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Баҳодир Тожиев. – Жумладан, сув объектларига оқинди сувларни оқизиш билан боғлиқ муаммолар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосарига парламент сўрови юборилди. “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида белгиланган талаблар Тошкент вилоятида ўрганилганда бир қатор муаммолар борлиги аниқланди. Вилоятдаги 50 минг 103 та ташкилот ҳудуди яқинида марказлашган оқова сув тармоғи йўқлиги сабабли ўралардан фойдаланмоқда. Бу эса аҳолига сифатли ва кафолатли коммунал хизмат кўрсатишга тўсиқ бўлиб, ҳақли эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига кенг тушунтириш, давлат дастурларининг бажарилиши масалаларига бағишлаб Қўмита томонидан ўтказилаётган тадбирлар ҳақида фуқароларни хабардор қилиш мақсадида телевидение, радио ва даврий матбуот саҳифаларида сенаторларнинг 364 дан ортиқ чиқиши ташкил этилди. Жисмоний ва юридик шахсларнинг 2 минг 179 та ёзма ва оғзаки мурожаати, жумладан, Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторлар томонидан жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 204 та мурожаат кўриб чиқилди.

Тадбирда эътибор сув тежайдиган суғориш технологияларидан кенг фойдаланишдаги муаммолар ва уларнинг ечими борасида олиб борилаётган ишларга қаратилди. Мамлакатимизда 4,3 миллион гектар суғориладиган ерлар мавжуд бўлиб, умумий экин майдонининг 7 фоизида тежамкор суғориш технологиялари жорий қилинган, холос. Бу кўрсаткич Хоразм вилоятида 0,2 фоиз, Сирдарё вилоятида 0,4 фоиз ва Бухоро вилоятида эса 0,5 фоизга тўғри келади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, мамлакатимизда томчилатиб суғориш технологияларининг жорий қилиниши талабга жавоб бермайди. Сувни тежовчи
техникаларни етказиб бериш, фойдаланишда кўплаб муаммолар мавжуд.

Матбуот анжуманида қўмита аъзолари журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.




Абдулазиз МУСАЕВ, ЎзА
скачать dle 10.5фильмы бесплатно
Sana: 18-07-2019, 09:44