ТОМЧИЛАР ТОННАЛАРГА АЙЛАНАДИ
ТОМЧИЛАР ТОННАЛАРГА АЙЛАНАДИ

ТОМЧИЛАР ТОННАЛАРГА АЙЛАНАДИ
Суғорма сувлар ҳам ичимлик суви кабидир. Шўрланган сувдан экинни суғориб бўлмайди. Ерларнинг кўп ўзлаштирилиши натижасида дарёлардан, сой ва анҳорлардан оқиб келаётган сувлар борган сари камаймоқда. Айрим худудларга сув етиб бормасдан чўлланишлар ортиб бораётгани эса жамият миқёсидаги ўткир муаммога айланди.

Ҳозирги кунда ер юзида ерларнинг чўлланиши дунё бўйича 1,0 миллиард гектарга яқин бўлиб қолди. Ер усти сувларининг ифлосланиши эса қуйидагича: гидросферани ифлослантирувчиларнинг умумий массаси йилига 15 миллаиард тоннани ташкил этади. Бундан ташқари ер ости сувларининг камайиб кетиши 40 фоиздан ортиқроққа етди. Қишлоқ хўжалик ерларининг деградацияси эса қуйидагича: дунёда 2 миллиард гектар ер ҳосилдор ерлардир. Ер юзи аҳолисининг 40 фоизи ичимлик суви етишмаслигидан азоб чекмоқда. Сув босиши, шўрланиш ва бошқа факторлар туфайли дунёда ҳар йили 12 миллион гектар ер йўқолиб боряпти. Иқлим ўзгариши натижасида йилига 15 миллион киши ўз юртларини ташлаб бошқа давлатларга қочиб ўтмоқда.

Марказий Осиё минтақасидаги Орол денгизи бўйида жойлашган мамлакатлар, вилоятлар доимо хавф остида яшайдилар. Ҳаво ҳароратининг кескин ўзгариши натижасида ҳосил бўлган кучли шамоллар қуриган Орол тубидаги чанг-қум аралаш тузларни кўтариб узоқ-узоқларга элтиб ташламоқда. Биргина 2018 йилнинг 27–28 май кунлари Марказий Осиёнинг деярли барча мамлакаталаридан чангли-қумли, чангли-тузли ва чанг бўронлар кўтарилган. Энг кучлиси Орол денгизида бўлиб ўтган.

Орол фожеаси учун одамзод бари-бир ўзини ўзи айблайди. Халқаро ташкилотлар ташаббуси билан ўтаётган нуфузли йиғилишлар таъсири сезилмаётгани ачинарли. Ўзбекистон Президенти Орол суви қуриган ерларда ўрмонзорлар ташкил қилиш, саксовул кўчатларини экиб кўпайтириш орқали қумли-тузли чангларни бартараф қилиш, бўладиган шамол йўлларини тўсиш, худуддаги инсонлар ҳаётини соғломлаштириш ташаббусини бошлаб улуғ ишни бошлади. Қиш мавсумида бу ерга ҳамма вилоятлардан ёрдамга бориб саксовулзорлар барпо этишда қатнашди. Агар бу ишлар ташкилотчиси, раҳнамоси Президентимиз бўлмаганида ҳали ҳам экологик фожеаларга томошабин бўлиб тураверар эдик. Ҳақиқатан ҳам бугун Оролнинг қуриб қолган қисмида аҳвол ўзгарди. Ҳадемай қумли – тузли чанг шамолда учмай қолади. Ҳамма ерда яшил дарахтлар, экинзорлар бўлади...

Ҳозир бутун дунёда ичишга яроқли сувнинг ўндан етти қисми қишлоқ хўжалигига сарфланаётгани, шунинг ҳам ўндан олти қисмидан нотўғри фойдаланилаётганини кўпчилик билмайди. Ҳозирги пайтда суғорма сув етишмаётган кўп давлатлар сув муаммосини ҳал қилиш учун томчилатиб суғориш технологиясини қўлламоқда. Фарғонада бундай тажриба бошланганига кўп йиллар бўлди. Бундан тўрт-беш йилча бурун Олтиариқ туманининг Повулғон дашти ерларида деҳқончилик қилаётган “Азимжон Эргашали обод” фермер хўжалигининг етти гектарга яқин боғ ва экин майдонларига, узумзорларига Жаҳон тараққиёт банки гранти асосида томчилатиб суғоришни ташкил қилинган эди.

– Янги технология асосида томчилатиб суғоришни жорий қилиб хато қилмадим, - дейди фермер. – Ўшанда бутун вилоятдан қизиққан фермерлар, мутахассислар келиб янги томчилатиб суғориш усулини кўришган эди. Бизнинг қир ерларимизда сув жуда кам. Кўтарма носос орқали бериладиган ўлчамли сув ҳаммага етмайди. Катта бетон ҳовуз сувга тўлдирилиб, фильтрдан ўтказилади ва шлангларда кўчатлар остига томизиб суғорилади. Узум доналари йирик бўлди, сабзавот ҳосили аввалгидагидан икки ҳисса ошди. Томчилатиб суғориш тизими ҳозиргача бенуқсон ишлаяпти. Мендан кейин туманимизда бу усул билан суғоришга ўтганлар ҳам барака топди. Лекин тошлоқ ерда бу сиз ҳосил олиб бўлмаслиги энди бошқаларга аён бўлмоқда.

ТОМЧИЛАР ТОННАЛАРГА АЙЛАНАДИ
Вилоятда сув ресурслари йилдан-йилга камайиб кетмоқда. Риштон туманида бўлиб ўтган томчилатиб суғоришнинг афзалликларини намойиш этувчи йиғилишда энди томчилатиб суғоришни жорий қилган фермерлар иқтисодий самараси юқори бўлиши мисоллар билан кўрстатиб берилди. Риштон туманида жорий йилнинг июнь ойида Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари қишлоқ ва сув хўжалиги мутахассислари, пахта тўқимачилик кластерлари ҳамда фермерлар иштирокида бўлиб ўтган минтақавий семинар бевосита далада томчилатиб суғориш технологиясининг афзалликларига бағишланди.

- Бизнинг фермер хўжалигимизда бу усулни жорий қилиб юқори самарага эришмоқдамиз, - дейди Риштонлик фермер Ҳасанбой Деҳқонов. – Ҳар гектарга сарфланган 18 миллион сўм маблағнинг 8 миллион сўми субсидия сифатида ўзимизга қайтариляпти. Қолган 10 миллион сўми ҳосилдан қопланади ва солиқ имтиёзидан чегирилади.

Намангандан келган фермер Икромжон Отавалиев ҳам ўз хўжалигида жорий қилинган томчилатиб суғориш тажрибасини йиғилганлар билан ўртоқлашди. Қатнашчилар ўзлари тушунмаган саволлар юзасидан баҳс мунозара ўтказишди. Мутахассислардан ҳам фойдали жавоблар олишди.

Томчилатиб суғоришни ташкил қилганлар учун ҳосилдорлик кўпайишидан ташқари, сувчига тўланадиган ҳақ иқтисод қилиниши, ҳар бир гектарига 8 миллион сўм субсидия тақдим этилиши, кредит миқдорининг 10 фоизли пункти тўлаб борилиши, бутловчи қисмлар ва хом ашё 2021 йилга қадар бож тўловларидан озод этилиши таъкидланди.

Бундай имтиёзлар боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликларида, узум етиштириш, озуқа етиштиришда ҳам қўлланилади. Жорий йилда жами 331 гектар ердаги пахта, 790 гектар ердаги боғ, 77 гектар ток (узумзор), 20 гектар ердаги бошқа экинлар томчилатиб суғориш тизимига ўтказилди. Уларни жамлаганда 1251 гектар ерни ташкил қилади, демак бир йилда шунча майдондаги экин томчилатиб суғоришдан баҳраманд бўлмоқда. Иқтисодий самараси йил якунланганда аниқ кўринади, бироқ зарар бўлмайди, аввалги йилларда ҳам бўлмаган. Ҳозир Фарғонада сувни асраш, ундан тежаб фойдаланиш борасида бошланган ишлар самара бермоқда. Фермерлар орасида томчилатиб суғоришни жорий қилишни ҳоҳловчилар сафи ҳам анча кенгайди. Вилоят бўйича 2019 йилда 331 гектар ердаги пахтазорни инновацион ғоялар асосида томчилатиб суғоришга ўтказиш режалаштирилган эди. Бу иш ўз вақтида молиялаштирилди ва режадаги экинзорларга томчилатиб суғориш жорий этилди. Кўпроқ сув етишмайдиган Марказий Фарғона ерларида бу усулни қўллашга босқичма-босқич ўтилади. 1 та кластер пахта тўқимачилик корхонаси ва 16 та фермер хўжалигида Тошкентдаги “Ecorip МЧЖ”, “Excem Plact МЧЖ” ва “Agrodrif МЧЖ”лари ҳамкорлик қиляптилар. “Excem Plact МЧЖ” томонидан Риштон туманидаги “Ҳосил сари” фермер хўжалигида 13 гектар, Тошлоқ туманидаги “Ғуломжон Машраб” фермер хўжалигида 10 гектар пахта майдонида томчилатиб суғоришни барпо этилиб, суғориш ишлари олиб борилмоқда.

Фарғона туманидаги “Fergana Osiana” МЧЖ кластери 127 гектар ерда, “Оқбилол Абдумалик” сув истеъмолчилари уюшмаси худудида 75 гектар ерда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш учун “Dedyut” МЧЖ корхонаси билан шартнома асосида қурилиш ишларини якулади. Томчилатиб суғоришни ташкил этиш учун қурилиш ишларига “Мадад инвест банк” томонидан 1,150 миллиард сўм миқдорида кредит маблағи ажратилган. Ана шу маблағ деярли ўзлаштириб бўлинди. Ҳозир қарийб 100 гектар пахта майдони янги технология асосида томчилатиб суғорилмоқда. Унинг бошқа ерлардан фарқи шундоқ кўриниб турибди. Экин чанқаб қолмайди, ортиқча кўлламайди. Берилган ўғитни экин тўлиғича ўзлаштиради.

- Томчилатиб суғориш деганда асосан ўсимликнинг сувга бўлган эҳтиёжига тенг миқдордаги сувни унинг илдиз қатламига етказиб беришга мўлжалланган суғориш тармоғи тушунилади, - дейди “Сирдарё – Сўх” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси янги техника ва технологияларни жорий қилиш бўйича бош мутахассис Эркин Пармонов. - Томчилатиб суғоришни бошқа суғориш усулларидан фарқи шундаки, сув экиннинг эҳтиёжига мос равишда дала бўйлаб бир текисда берилади. Даланинг экин жойлашган жойлари бир хилда намланади. Тупроқда ортиқча намлик юзага келмайди. Эгатлаб суғорилганда тупроқда намлик керагидан ортиб кетар, экин сувга бўкар, суғоришлар орасида эса тупроқ қуриб, ўсимлик сувсиз қоларди. Натижада ўсимлик ўз энергиясини шу ҳолатларни енгишга сарфлайди. Томчилатиб суғоришда эса экин илдиз қатламининг намлиги бир хилда ушлаб турилади ва экин сифатини оширишга сарфлайди, тупроқнинг намлиги доим экин эҳтиёжига мос бўлади. Ҳозирги кунда бизнинг вилоятимизда Туркия, Исроил ва АҚШ давлатлари томчилатиб суғориш технологияларидан фойдаланилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалик вазирлиги Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлигининг “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси” билан ҳамкорликда “Томчи” мобиль иловаси яратилди. Иловада сув тежовчи технологияларни жорий этишга давлат томонидан берилаётган имтиёзларга батафсил тушунчалар берилган. Бу илова бугунги кунда ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчилар ўртасида ўзаро алоқа ўрнатишнинг ягона ахборот майдони бўлиб хизмат қилмоқда. Ҳар куни масалага оид 30 тадан савол билан мурожаат қилаётганлар томчилатиб суғориш усулини қўллаш бўйича тегишли жавоблар олмоқда.

Мисоллар жуда кўп, уларни келтириш анча вақтни олган бўларди. Лекин, гап томчилатиб суғориш усули сувни тежашда, сувнигина эмас, маблағни иқтисод қилишда, ҳосилдорликни оширишда энг яхши восита эканлигини тушунишда. Риштон, Бағдод, Учкўприк, Ўзбекистон туманлари Қирғизистондан оқиб келадиган Сўх дарёсидан сув ичади. Бу дарёнинг шу худуддан ўтадиган еридан керакли пайтда сув беркитиб олинади. Натижада катта маблағ ва меҳнат сарфланган экин, боғ қурий бошлайди. Шу ерларда томчилатиб суғориш катта манфаат беришини энди фермерлар англаяптилар. Гап ана шунда. Томчилатиб суғориш усулини жорий қилишни режалаштираётганлар сафи ортаётганида.
скачать dle 10.5фильмы бесплатно
Sana: 31-07-2019, 09:49