ФИТОСАНИТАР ХАВФ ТАҲЛИЛИ ҚАНДАЙ АМАЛГА ОШИРИЛАДИ?
ФИТОСАНИТАР ХАВФ ТАҲЛИЛИ ҚАНДАЙ АМАЛГА ОШИРИЛАДИ?

ФИТОСАНИТАР ХАВФ ТАҲЛИЛИ ҚАНДАЙ АМАЛГА ОШИРИЛАДИ?
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ташаббуси билан, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), Европа ва Ўрта ер денгизи ўсимликлар карантини ва ҳимояси (EPPO), Осиё тараққиёт банки (ADB) ва бошқа нуфузли ташкилотлар билан ҳамкорликда фитосанитар хавф таҳлилига бағишланган халқаро семинар ўтказилди.

Семинарда Европа ва Ўрта ер денгизи ўсимликлар карантини ва ҳимояси ташкилоти бош директори Нико Хорн, Халқаро тараққиёт агентлиги лойиҳа раҳбари Джефф Райт ва бошқа мутасаддилар ўз таклифларини билдирди.

“Марказий Осиё давлатлари – АҚШ” (C5+1) форматининг асосий лойиҳаларидан бири ўсимликлар карантини соҳасида ҳамкорлик қилиш, аъзо мамлакатларнинг фитосанитар ҳолатини яхшилаш, зараркунандалар тарқалишининг олдини олиш ҳамда чет эл мамлакатлари билан ташқи савдо алоқаларини кенгайтиришга қаратилган.

Мазкур лойиҳа доирасида ўтказилган семинарда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон карантин хизматлари ўртасида фитосанитар хавфсизликни таъминлаш ҳамда зарарли организмларга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан ўзаро тажриба алмашиш, карантин инспекциялари мутахассисларида фитосанитар хавфни прогнозлаштириш ва таҳлил қилиш кўникмасини ошириш масалалари муҳокама этилди.

Аксарият мамлакатларда импорт қилинадиган маҳсулотларнинг хавфсизлигини илмий ўрганиш учун фитосанитар хавф таҳлили амалга оширилади. Фитосанитар хавф таҳлили учун экспорт қилувчи давлат сўровномага мувофиқ, экспорт маҳсулоти етиштириш учун уруғлар сотиб олишдан бошлаб батафсил маълумотни тақдим этиши керак. Маҳсулотларни импорт қилиш бўйича ижобий хулосани кўриб чиқиш ва тақдим этиш жараёни одатда 3-4 ойдан бир неча йилгача давом этади.

Фитосанитар хавф таҳлили қандай амалга оширилади?

Фитосанитар хавф таҳлили (ФХТ) ўсимликлар карантини давлат хизмати томонидан ўсимликлар карантини назорати остидаги маҳсулотлар – уруғлар, кўчатлар, ўсимлик қисмлари ва маҳсулотлари билан зарарли организмларнинг янги ҳудудга тарқалиши хавфини биологик, экологик, илмий ва иқтисодий жиҳатдан баҳолашдир.

Таҳлил карантин организмни аниқлаш ва идентификациялаш, муайян мамлакат ҳудудида илк бор пайдо бўлган номаълум организмнинг зарарини исботлаш, карантин организмнинг бошқа ҳудудларга ҳам тарқалишига турли таъсир усуллари орқали тақиқ қўйиш ёки огоҳлантириш имкониятларини ўз ичига олади.

Мазкур таҳлилга бағишланган халқаро стандартлар БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ташкилоти (ФАО) дастури доирасида Ўсимликлар ҳимояси бўйича Халқаро конвенция котибияти томонидан тайёрланади. Шунингдек, Европа ва Ўрта ер денгизи ўсимликлар карантини ва ҳимояси (EPPO) ташкилоти ҳам ФХТ бўйича ўз стандартларини жорий этган.

Мазкур семинарда биология фанлари доктори, Европа ва Ўрта ер денгизи ўсимликлар карантини ва ҳимояси ташкилоти илмий маслаҳатчиси Андрей Орлинский, фитосанитария соҳаси етакчи консультанти Елена Каримова ва бошқа хорижлик экспертлар томонидан маҳаллий мутахассисларнинг фитосанитар хавф таҳлили борасидаги билимларини янада оширишга қаратилган тренинглар ҳам бўлиб ўтади.




Барно МЕЛИҚУЛОВА, ЎзА
скачать dle 10.5фильмы бесплатно
Sana: 8-08-2019, 09:56